21.06.2023 15:16 Бишкек 2304
БИШКЕК.21 июнь – Альянс-Пресс. Бишкекда ҚР халқ шоири Эсенгул Ибраевнинг 90 йиллига бағишланган Халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Унинг доирасида таниқли ёзувчи ва тарихчи олим, Қирғизистон ва Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаларининг аъзоси Бегижон Аҳмедов ва Бобур номидаги Андижон давлат университети филология факультетининг декани, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзоси Баҳодиржон Раҳмоновлар томонидан ўзбек тилига таржима ва нашр этилган Э.Ибраевнинг “Раққос капалаклар” китобининг ва бу икки таржимон олимлар томонидан ёзилган «Эзгулик гулшани» илмий-услубий қўлланмасининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Халқаро Қувайт университетининг ректори Аскарбек Байсеркеев тантанали равишда Бегижон Аҳмедов ва Баҳодиржон Раҳмоновга илмий кенгашнинг 15 июндаги қарори билан илмий ва адабий ютуқлари, қирғиз ва ўзбек халқларининг дўстлигини илмий ва адабий омиллар орқали мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссалари учун Халқаро Қувайт университетининг фаҳрий профессори унвонлари берилганини эълон қилди ва уларга тантанали равишда диплом-гувоҳномаларни топшириб, профессорлик мантияларини кийдирди. Айтиш жоизки, ҳамюртимиз Бегижон Аҳмедов 17 китоб, жумладан, уч илмий-услубий қўлланма, 300 дан ортиқ илмий-оммабоп мақолаларнинг муаллифидир. Китоблари жаҳоннинг ўндан ортиқ тилларига таржима қилинган, 2022 йили Бобур нлмидаги Андижон университетининг фаҳрий профессори унвони билан тақдирланган. “Сайёҳ” асари Қирғизистонда расман “2020 йилнинг энг яхши китоби” деб эътироф этилган.
Анжуманда Қирғизистон ва Ўзбекистонлик таниқли ёзувчилар, олимлар, шоирлар, дипломатлар, жумладан Ўзбекистон Республикасининг Қирғизистондаги Фавқулотда ва Мухтор элчиси Мирзоҳидов Хуршид Мирсобирович, маданият, спорт, туризм, маълумот ва ёшлар ишлари бўйича министрнинг биринчи ўринбосари Кайрат Иманалиев, ҚР ёзувчилар миллий уюшмасининг раиси Нурланбек Қалибековлар ҳам иштирок этиб, қутлов сўзларини сўзладилар.
«Альянс-Пресс» ахборот агентлиги юртдошимиз, ёзувчи Бегижон Ахмедовга илмий ва адабий ютуқлари, қирғиз ва ўзбек халқларининг дўстлигини илмий ва адабий омиллар орқали мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссалари учун Халқаро Қувайт университетининг фаҳрий профессори унвони берилгани билан қутлайди. Янги зафарларингиз муборак бўлсин!
Бўлим мақолалари