26.03.2018 14:26 Дилмурад Рахманов Ўш 4683

27 март – Бутунжаҳон театр куни

2018 йили давлатимизнинг энг кекса Бобур номли Ўш Давлат Академик мусиқали драма театри 100 йилга тўлади. Бобур номли Ўш театри Қирғизистоннинг энг кекса профессионал театри, Марказий Осиёнинг энг кекса театрларининг иккинчиси


1914 йили Раҳмонберди Мадазимов раҳбарлигида Ўш шаҳрида рус-тузем мактаби ўқитувчиси Болтиҳожи Султонов билан биргаликда театр тўгараги ташкил этилган.
1918 йили Мирзо Раҳмонберди ҳожи Муҳаммадаъзим аълам ўғли (Мадазимов) раҳбарлигида Иброҳим Мусабоев, Бекназар Назаров, Жўрахон Зайнобиддинов, Назирхон Камолов, Абдурашид Эшонхонов, А.Саидовлар билан бирга Қирғизистонда биринчи бўлиб мусулмон актёрлардан иборат Туркистон фронти ҳарбий кенгаши қошидаги концерт бригадаси негизида Ўшда хаваскор театр тўгараги тузилган. Раҳмонберди Мадазимов Қирғизистондаги театр ҳаракатининг асосчиларидан бири ва Ўшдаги ўзбек театрининг биринчи бадиий раҳбари ва асосчиси бўлган. Кейинчалик труппага Абдуқодир Исхоқов, Исроилжон Исмоилов, Жалил Собитовлар қўшилишган. 1919 йили театр тўгараги театр драма труппасига айлантирилган. Ушбу труппа Қирғизистоннинг жанубида нафақат театр санъатини, балким профессионал мусиқа санъатининг ривожланишига ҳам юксак ҳисса қўшган. Кейинчалик театр труппаси Бобур (Киров) номли Ўш Давлат академик ўзбек мусиқали драма театрини тузишга асос бўлган.
Ўш театри Тошкентдаги Ҳамза номли ўзбек Миллий Академик драма театридан (1913-27 феврал 1914 йиллари тузилган) кейин Марказий Осиёдаги энг кекса профессионал театрдир.
Раҳмонберди ҳожи Мадазимов театр труппаси билан Ўшнинг барча туманларини айланиб, концерт ва спектакллар қўйиб чиқди ва босмачиликка санъат қуроли орқали кураш олиб борди. Туманларда спектакллар, концертлар қўйиб, босмачиларни жойлашган ерларини ва уларни яшириб қўйган қурол-яроғлардан хабар топиб, ўзининг қудаси, Ўш шаҳар милициясининг асосчиси ва биринчи бошлиғи Болтихожи Султонов билан бирга босмачиларни тор-мор этишда фаол иштирок этди. Босмачилар жойлашган туманлардан қизилларни қурол-яроғларини аравасига яшириб ўтказган ва қизилларни қурол-яроғ билан таъминлаган.
Фуқаролар уруши даврида Ўш худуди ва унинг теварак-атроф туманлари фронт майдонига айланди. Труппа ҳам шу фронтнинг иштирокчиси, партиянинг тарғиботчиси бўлди. Театрнинг асосчиси Раҳмонберди хожи Мадазимов шундай ҳикоя қилган эди:
- Қурбоши Мадаминбек Андижон атрофида изғиб, халқни талаб юрган эди. Ўш гарнизони Андижон харбий қисмига қурол-яроғ билан ёрдам қилмоқчи бўлди. Лекин қуролларни қандай етказиш мумкин? Бу мушкулни театр артистлари ҳал қилдилар. Соябон арава безатилиб, қурол-яроғлар текис тахланди. Устига полос, кўрпа-тўшаклар солинди. Раҳмонберди Мадазимов грим билан катта эшон қиёфасига кирди. Яна икки артист унинг “муридлари” бўлди. Уччаласи ҳам олдига эски китоблардан очиб, “хатми-хўжа” қилгандай йўлга тушишди. Арава Хўжаободга яқинлашганда милтиқ овози эшитилди. Ўн нафар босмачи келиб аравани ўради. Шунда аравакаш босмачиларга қараб, “жим” ишорасини қилди ва пардани қия очди. Босмачилар “эшон” ва “муридлар”ни кўриб, таъзим қилишди. Сўнгра ҳурмат билан Андижонга кузатиб қўйди. Қизилларни қурол билан таъминлаш мақсадида труппанинг бундай “постановкалари” бир-неча марта такрорланди.
1918 йили театр асосчиларидан бири инқилобчи Болтиҳожи Султонов Ўш уезди милициясининг биринчи бошлиғи бўлиб тайинланди. Қўрбоши Холхўжа Б. Султоновни боши учун катта пул ваъда қилган эди. 1919 йил сентябрида босмачилар Ўшга бостириб кирди ва Б.Султоновни қўлга тушириб, уни шафқатсизларча ўлдиришган. Отнинг орқасига тириклайин боғлашиб, титилиб кетган қонталаш танасини шаҳар кўчаларида айлантиришди. Ўш милициясининг биринчи бошлиғи шундай фожиали вафот этган эди.
Республика архивидан олинган маълумотларга биноан, Жўрахон Зайнобиддиновга 1920 йил 6 августда 1808-сонли ҳужжат берилган. Унда: “Жўрахон Зайнобиддинов Фарғона вилояти, Ўш шаҳридаги ҳарбий комиссариатнинг маориф ташвиқоти (агитпросвет) қошидаги турк труппасининг артисти”. Сиёсий маориф котиби А. Шпиловский имзоси, муҳри” деган сўзлар бор. Труппанинг биринчи йирик асари Маннон Уйғурнинг “Туркистонлик табиб” спектаклида аёл ролини Жўрахон Зайнобиддинов ўйнаган. Сабаби, ўша пайтлар труппага аёлларни жалб этиш ман қилинган эди.
Театр асосчиларидан бири Ж.Зайнобиддинов Жанубий Қирғизистонда таълим соҳасини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган. У Ўш уезди таълим бўлимининг биринчи раҳбари бўлган. Сўнгра Ж. Зайнобиддинов Ўш вилояти ижроқўми қишлоқ хўжалиги бўлими мудири, кейинчалик партия ва комсомол органларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган.
Театр асосчиларидан бири Назирхон Камолов Тошкентга ўқишга кетади ва Ўрта Осиё Давлат университети мелиорация факультетига ўқишга киради. Янги тузилган Ўзбекистон радиоси бўлим бошлиғи ва 1927 йили радиоэфирга илк бор чиққан Ўзбекистон радиоси биринчи суҳандони (диктори) бўлган.
Театр асосчиларидан яна бири Ўринбой Раҳмонов 17 ёшга тўлганда, театрда, ижодий фаолиятини 1927 йилдан бошлади. Театрни ташкил этиш ва тузиш биринчи йилларида қўшимча ўнта вазифани бажарган: артист, режиссёр ёрдамчиси, хонанда, созанда, драматург, гримчи, рассом, суфлёр, шоир, кичкина пьесалар ва қўшиқлар учун шеърлар ёзган. Ушбу қўшиқларга ўша пайтларда биринчи раққоса аёл Розия Мўминова лапар айтиб рақсга тушган. 1934 йил август ойида етмиш кишидан иборат театр жамоаси сафида Ўринбой Раҳмонов Ленинград шаҳрига гастролга борди.
Театр жамоаси 1974 йили қардош Ўзбекистон пойтахти Тошкентда гастролда бўлди. Сафар давомида театр жамоаси санъатни тарғиб қилишда мухим рол ўйнаган гастролларни Ўзбекистонда муваффақиятли ўтказганлиги учун Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши раёсатининг фахрий ёрлиғи билан мукофотланди. Ҳамма ўйнаган бош роллари юксак баҳоланиб, театрнинг етакчи актёри Жўрахон Раҳмоновга Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши раёсатининг 5 июл 1974 йилдаги 164 сонли қарорига асосан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони билан тақдирланди. Ушбу фахрий унвонни қирғизистонлик фақат иккита артистгина олган.
Бугунги кунда театрда 600 дан ошиқ спектакллар қўйилди. Театр, яхши анъаналарни давом эттириб, ўзбек ва қирғиз биродар халқларини дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 2018 йили 5 март куни ёзувчи Чингиз Айтматовнинг 90 йиллиги муносабати билан театр саҳнасида “Денгиз бўйлаб чопаётган олапар” асари асосида “Умид юлдузи” спектакли премьераси намойиш этилди.
 
Бўлим мақолалари
04.12.2024
21.11.2024
19.11.2024 Ўшда “Мақом жозибаси” концерти бўлиб ўтди
ЎШ. 19 ноября – Альянс-Пресс. Бобур номли Академик ўзбек мусиқали драма театрида “ Мақом жозибаси” деб номланган ҳисобот концерт бўлиб ўтди.
30.10.2024
19.10.2024 Юсуф Боласоғуний номли Ўш шаҳри Ўзбек миллий-маданий маркази ўзининг дастлабки иш фаолиятини бошлади
ЎШ. 19 октябр – Альянс-Пресс. Юсуф Хос Ҳожиб Боласоғуний номли Ўш шаҳри Ўзбек миллий-маданий марказининг Халқ ҳунармандчилик сектори фаоллари ўшлик рассом , Халқаро Бобур мукофоти совриндори Хасанжон Саидовнинг яқин ойларда Тошкентда ўтажак шахсий кўргазмасини ташкил этиш бўйича яқиндан ёрдам бермоқдалар.
19.10.2024
09.10.2024
02.10.2024
02.10.2024 Юсуф Боласоғуний номидаги Ўш шаҳар Ўзбек миллий-маданий марказининг бирлашув Қурултойи бўлиб ўтди
ЎШ. 2 октябр – Альянс-Пресс. Ўш шаҳридаги Академик Ўзбек мусиқа – драма театри биносида Юсуф Хос Ҳожиб Боласоғуний номидаги Ўш шаҳар Ўзбек миллий-маданий марказининг бирлашув Қурултойи бўлиб ўтди.
10.09.2024 Ахсикент – Марказий Осиё цивилизацияси тарихининг юксак намунасидир
НАМАНГАН. 10 сентябр – Альянс-Пресс. Ўзбекистоннинг Наманган вилояти марказида икки кун (9-10 сентябр) давомида “ Ахсикент – Марказий Осиё цивилизацияси тарихида” мавзусидаги Халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.