30.08.2018 15:35 1174

Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида Халқаро инвестицион форум бўлиб ўтди

    2018-йилнинг 29-30 август кунлари Жиззахда Халқаро инвестицион форум бўлиб ўтди. Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад Жиззах вилоятининг инвестицион салоҳиятини намоён этиш ҳамда ишлаб чиқарувчиларининг миллий кўргазмасини ташкил этишга қаратилганди. Тадбир давлат инвестициялар қўмитаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси   ҳамкорлигида ўтказилди

 

 
     Жиззах инвестицион форумида Белорусь, Буюк Британия, Германия, Греция, БАА, Исроил, Ҳиндистон, Испания, Латвия, Ҳитой Халқ Республикаси, Қозоғистон, Россия, Туркия, Сингапур, АҚШ, Жанубий Корея, Япония сингари жами 28 мамлакатдан 300га яқин иштирокчилар қатнашдилар. Шунингдек, форумда чет эл дипломатик миссиялари вакиллари иштирок этдилар. Жумладан, Италия фавқулодда ва мухтор элчиси Андреа Бетроцци, Ҳиндистон фавқулодда ва мухтор элчиси Винод Кумар, Хитой Халқ Республикаси фавқулодда ва мухтор элчиси Цзянь Янь, Қувайт фавқулодда ва мухтор элчиси Халед Абдулла аль-Джайран, Туркия фавқулодда ва мухтор элчиси Ахмет Башар Шеннинглар ташриф буйюрдилар.
    Форумда, шунингдек, Ўзбекистондаги Халқаро Банк ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори, Тошкентдаги ТИКА ваколатхонаси раҳбари Али Ихсан Чаглар, Ўзбекистондаги “Commerzbank AG” Германия банки ваколатхонаси раҳбари Бодо Тёнс, ҳамда “Shell  Global Solutions International BV, Wehrhahn GmbH, McDermott International, Husain Cermet Co, Jamil Azizi General Trading LLC, Geeta Pharma, Bay Tea Group, Indorama Corporation, Alliance Capital K/S, Elvan Saglik Turizmi Ltd, LG International corporation ва бошқа кўплаб йирик хорижий компаниялар вакиллари иштирок этдилар.
    Инвестицион форумни ўтказишдан кўзланган мақсад – халқаро ишбилармонлик доиралари вакилларини Жиззах вилоятининг иқтисодий – ижтимоий ривожланиш даражаси билан таништириш, тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар учун қулай шароитлар яратиш.
    Жиззахда илк бор ташкил этилган Халқаро Инвестицион форум доирасида иштирокчилар ҳудудда ҳорижий ва маҳаллий инвесторлар учун яратилган имкониятлар, мавжуд қулайликлар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўладилар.
    Бугунги кунда Жиззах вилоятида 2 эркин иқтисодий зоналар мавжуд. Булар “Жиззах” ҳамда яқинда асос солинган “Зомин-фарм” эркин иқтисодий зоналари. “Зомин-фарм” ЭИЗ худудида фармацевтика маҳсулотлари, дори воситалари ва тиббий жиҳозлар ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳалари амалга ошириб келинмоқда.
    “Жиззах” ЭИЗ ҳудудида қурилиш материаллари, тўқимачилик, фармацевтика, машинасозлик ва бошқа турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятлари йўлга қўйилган. Ҳусусан, бугунги кунда 16 хорижий ташкилотлар ушбу эркин иқтисодий зонада ўз маҳсулотларини ишлаб чиқармоқда. “Auto Pad Systems”, Juita Gulshana Invest”, “Smart vision” каби масъулияти чекланган жамиятлар шулар жумласидандир.
     Жорий йилнинг май ойида “Жиззах” ЭИЗ худудида Хитой компанияси иштирокида  ойна заводи қурилишининг биринчи босқичи якунига етказилди. Бу ишларга жами 28,9 миллион АҚШ доллари сарфланди. Лойиҳанинг умумий қиймати 110 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Завод фаолиятининг тўлиқ йўлга қўйилиши 2019 йилга режалаштирилган. Шу тариқа Жиззах ойна заводи Ўрта Осиёда ушбу турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи энг йирик корхонага айланади.
     Қайд этиш керак, Жиззах вилояти географик қулай ҳудуддир. Бу ернинг яна бир ўзига ҳос жихати тоғлар ва тоғ ёнбағирларида таркибида темир, олтингугурт, водород, радий, кремний кислотаси, карбон гази, ишқорли термоминераллар бўлган шифобахш сув манбаларининг борлигидир.
     Вилоятда табиий ресурсларга бой 40та йирик кон мавжуд. Жумладан, 1та олтин, 2та кумуш, 3та рангли металл конлари бор. Ҳозирги кунда бу конлардан Республика ва вилоят иқтисодиёти учун фойдали бўлган хом ашё қазиб олинмоқда. 
 
    Ривожланаётган худудлардан бири саналган Жиззах вилояти инвестицион лойиҳаларнинг энг асосий нуқталаридан бирига айланиши мумкин. Ҳудуднинг барча имкониятлари 2 кунлик форум доирасида тўлиқ намоён этилиши кўзда тутилган. Шунингдек, давлат инвестициялар қўмитаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси иштирокида семинарлар ташкил этилди.
     Инвестиция форуми қатнашчилари “B2G” ва “B2B” шаклларида ташкил этиладиган кооперация биржаларида иштирок этдилар.  Тадбир доирасида инвесторлар ўзларининг фаолиятларидан келиб чиққан ҳолда, ҳорижлик ҳамкорлар билан ташкил этилган вилоятдаги қўшма корхоналар ҳамда маҳаллий компанияларга ташриф буюриб, уларнинг қўшма лойиҳалари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

      Халқаро инвестицион форум якунларига кўра қурилиш материаллари, тайёр чарм маҳсулотлари ва пойафзал ишлаб чиқариш, узумчилик ва мева-сабзовотни қайта ишлаш ҳамда дори воситалари соҳасида Жиззах вилояти ҳудудида бир қатор инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича хорижий ва маҳаллий инвесторлар билан ҳамкорлик борасида   келишувлар имзоланди.
 
Бўлим мақолалари
09.12.2024
23.08.2024
20.07.2024
08.06.2024
17.01.2024
15.10.2023
02.10.2023
23.09.2023
05.09.2023
19.08.2023