17.07.2019 06:56 Маҳмуджон Қозоқбоев, Деҳқонқишлоқ турғуни. Ўш вилояти 78

ДЕҲҚОНҚИШЛОҚЛИК ҚАҲРАМОНЛАР

Ўш вилоятининг Қорасув туманига қарашли кичкинагина Деҳқонқишлоғидан 8 нафар Социалистик Меҳнат Қаҳрамони ва 1 нафар икки бора Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари етишиб чиқиши ушбу масканнинг номи бежиз қўйилмаганига далолат бўлса керак. Шунингдек бу муқаддас маскан бугунги кунда ҳам ўзининг миришкор деҳқон - чорвадорлари, уста ҳунарманд – машинасозлари, абжир тадбиркор - савдогарлари ва айниқса дину-урфонда номдор қорилари билан машҳурдир.

    
Қирғизистон ССРнинг қишлоқ хўжалигини тиклашда ва ривожлантиришда ҳозирги Ўш вилоятига қарашли Қорасув тумани Тўлайкан қишлоқ хукуматига қарашли Деҳқонқишлоғининг азамат миришкорлари  хизматлари хақида алохида сўз қилмасликнинг иложи йўқ. Негаки бу қишлоқдан бирваракайига 5 нафар Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари етишиб чиққан. Шунингдек деҳқонқишлоқликлар ташаббуси билан очилган  янги қўриқ ерларини ўзлаштириш натижасига кўра, шонли меҳнат қаҳрамонларининг сони 5 кишидан 9 кишига етади ва яна бир киши иккинчи маротаба шу юксак номга сазовар бўлади. Деҳқонқишлоқликларнинг ташаббуслари билан очилган ва ўзлаштирилган янги қўриқ ерлари шу кунларга қадар икки маротаба Социалистик Меҳнат ҚаҳрамониХайитохун Тоширов колхози номи билан машҳурдир.Илгари колхознинг номи “Қизил Шарқ” бўлиб, унда ўзбек миришкорлари  Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари Тешабой Мусаев, Аширали Маматурдиев, Йўлдошбой Турғунов, Собиржон Нишонов ва Ғиёсидин Ғосидиновлар етишиб чиқдилар. Деҳқонқишлоқликларнинг шонли меҳнат тарихига қизиқишимиз бизларни ўтган 20 асрнинг бошларига етаклайди.
  Ўш шаҳрининг ғарбий йўналишида ҳозирги Черемушка мавзига яқин жойлашган Ача мазор даҳаси Деҳқонқишлоқнинг  азалий маскани хисобланган. Бугунда бу топоним билан боғлиқ “Ача Мазор” масжиди бор. Турк лаҳчасида “Ача” дегани айри маносини бериб, бу ерда шоҳлари иккига айрилиб кетган бахайбат чинор дарахти, ёзнинг иссиқ кунларида шу атрофдаги инсонларга ўз соясидан баҳраманд этиб турган. Бироқ шу атрофдаги мазор ер танқислиги сабаб бўлса керак вақт ўтган сайин йўқ бўлиб кетган. Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Тешабой Мусаевнинг ўғли Абдуфаттоҳ ака Тешаевнинг гапларига кўра, бу ерда унинг падари бузрукворларининг учинчи  катта оталари бўлмиш Мирзо Улуғ деган боболари дафн этилган экан. Бу гаплар анчайин ростлиги шуки Деҳқон қишлоқ аҳолисининг энг кўп илм аҳллари билан танилган (қарийиб беш юз кишилик жамоаси) айнан  Мирзаевлар сулоласига тегишлидир. Бу борада Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Йўлдошбой Турғуновнинг ўғли касби қурувчи бўлган, меҳнат фаҳрийси Раҳматилло  ака  ўз аждодларини ҳам  Мирзаевларга тегишли эканликларини тасдиқлаганлар. Жумладан янги ерларни ўзлаштиргани ҳам бир-бирига  қариндош бўлган 30 яқин хўжалик Деҳқонқишлоқдан қўриқ ерга кўчиб борганини хисобга олсак, юқоридаги тахминларимиз  хақиқат эканига амин бўламиз. Ваҳоланки Раҳматулло ака Турғуновнинг фикрига кўра асли деҳқонқишлоқлик бўлган Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Абдуқодир Алахунов ҳам оталарига куёв қариндошлардан бўлган. Бу борада Йўлдошбой ака ҳазиллашиб “эситкина фақатгина биргина куёв боламизни герой қилаолмадим-да” деб қўяр эканлар.  Деҳқон қишлоқнинг  тарихидан маълум бўлишича бу ердаги  эски маҳаллотлардан ном чиқарган “карвончи” билан “бойчоқ” тўплари бўлган. Улардан “карвончи” маҳалласи аъзолари асосан эшаклардан ташкил бўлган карвонларида савдогарларнинг молларини Қашқарга, у ердан эса юкларни Ўшга ташиш билан шуғулланганлар. Карвончиларнинг йўллари Қорасувдан эски Жалолобод йўли томонга юрилганда, ишловсиз турган қўриқ ер деҳқонқишлоқликларнинг назарига тушади. Бундан унча нари бўлмаган Шархонсойнинг сувлари келажакда бу масканда  унумдор дала майдонига айланишига сабаб бўлишига  кўзи етган асл деҳқонлар, йўл-йўлакай Оллоҳга таваккал қилиб, биринчи йил озроқ, кейинчалик эса табора кўпроқ дон ва бошқа маданий ўсимликларни экиб, Қашқардан ортга қайтганда эса ҳосил олиб юрганлар.
   Бу орада эса Октябр инқилоби содир бўлиб, унинг довулидан бизнинг Ўш шаҳри ва унинг теварагидаги азалий хукум суриб келаётган анъанавий яшаш тарзи таназзулга учрайди. Октябрь тўнтаришини амалга оширган болшавойлар ер-сув ислохотини амалга оширишга киришдилар. Ўш музофотида ҳам бу каби ислоҳотлар 1921-22 ва 1927-28 йилларда юргизилди. 1921-22 йилларда РКП(б)нинг Марказкўмининг 1920 йил 29 июндаги фармоиши, Туркистон кўммунистик партиясининг 5 съездининг ва Бутунтуркистон шўроларинининг 9 съезди ечимларига кўра , шўролар кенгаши ҳисобланган – советлар ревком, яъни инқилобий қўмиталар шароитига келтирилди. Жалолобод, Бозорқўрғон ва Ўзганд туманларида олиб борилган чоралар 1921 йилнинг январида ўтказилган 800 делегатлар қатнашган Фарғона меҳнаткаш деҳқонларининг съездида ёқланди. Хусусан шундан эътиборан ўлкамизда ер-сув ислоҳатларига болшовойлар  киришдилар. Ваҳоланки, ер-сув ислоҳатларининг 1921-22 йилларда олиб борилган зарурий чоралари, ўша даврнинг катта ер эгалари бўлмиш бойлардан, рус колонистларидан ва ўрта ҳол бўлган деҳқонларнинг ҳам ерларини мусодара қилишдан иборат эди. Бу билан болшавойлар инқилоб қилиб, Лениннинг “Ер хақидаги”Декретидаги  ваъдаларига амал қилгандай, деҳқонларга ер бериш ҳақидаги ваъдаларини хаётга гўёки татбиқ қилган бўлдилар. Натижада анаънавий деҳқончилик билан боғлиқ бўлган ер-сув бўйича муносабатлар издан чиқди. Жой-жойларда ўзбошимчаликларга, зўровонликларга йўл қўйилиши натижасида Туркистон худудида болшовойлар “босмачилик” деб номлаган харакат пайдо бўлди. Бунга  ўз даврида аҳолининг ўрта ҳол бўлган деҳқонларининг ерларига қилинган болшавойларнинг тажоввузлари ҳам сабаб бўлган албатта.
         Бу борада Деҳқонқишлоқ ҳудудида ҳам вазият чигалликлардан ҳоли бўлмагани айтиб ўтиш тарихий заруратдир. “Беш бармоқни баравар қилиш” каби хом хаёл утопик ғоялардан боши айланган бир топ ҳайбаракачилар,ёки М.Булгаковнинг  персонажи бўлмиш “швондерлар”  бу ерда  ҳам ташаббусни қўлдан бой бермадилар. Деҳқонқишлоқда қорни катта бойлар бўлмаса ҳам юқоридан келган кўрсатмага амал қилиб ўрта ҳол деҳқонларнинг еру-мулкларига кўз олайтирдилар. Топган мол-давлатидан закот тўлаб, Оллоҳ йўлида хайр-эҳсонли, ўз пешона терлари билан тирикчилик юргизган деҳқонларнинг ерларини тортиб олдилар. Кўпчилик деҳқонлар еридан мосуво бўлибгина қолмай хатто қулоқ сифатида ўзга совуқ юртларга бадарға қилинишдан чўчиб, уй-жой, чорва-хўжаликларини ташлаб, бир қанча муддат қўшни Жалолқудуқ тумани қишлоқларида яшириниб юрдилар. Лекин биз хикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонларимиз бировларнинг ерларига кўз олайтирганлар сирасидан эмасдилар. Улар Деҳқонқишлоқдаги ер танқислиги муаммосини ечишнинг алтернатив усулини қўллашди. Бу тадбир кейинчалик Совет тарихчилигида” қўриқ ер”ларни ўзлаштириш атамаси билан номланди.
   1927 йилнинг 4 июнидаги РСФСРнинг ВЦИК ва СНК фармоиши, 1927 йилнинг 12 ноябрида бўлиб ўтган Қирғизистон АССРи Бошижроқўмининг иккинчи сессияси ечимлари ва Қирғизистон АССР Бошижроқўми ва Халқ комиссарлари Кенгашининг декретлари асосида бир мунча ўрта ҳол деҳқонларнинг манфаатларига мос келадиган  ер-сув ислоҳотларининг янги босқичи амалга оширилди. Унинг  асосий вазифасига кўра ерда ўзи ишламай даромад топадиганларни йўқотиш, ерсиз ва оз миқдорда ери бор деҳқонларни етарли миқдорда ер ва қишлоқ хўжалиги инвентарлари билан таъминлаш кўзда тутилган эди. Бу чоралар гарчи яна бошқаларнинг ер,сувлари ва от-улов, қўш хўкизларини мусодара этиш билан олиб борилсада, охир оқибат яқин тарихимизда социалистик мулк деб аталган барча деҳқоннинг хўжалик юритиш воситалари ўртада бўлган ташкилот субъектларини вужудга келтирди. Дастлабки умумум жамоат хўжалик юритиш субъектлари артеллар шаклида вужудга келди.
       Шунингдек юқорида айтиб ўтганимиздек, деҳқонқишлоқлик ҳамюртларимиз бировларнинг пешона терлари суғорилган ерларига кўз тикиб ўтирмай, ҳозирги биз билган Тоширов номи билан чамбарчас боғлиқ бўлган колхоз пайдо бўлган қўриқ ерларни ўзлаштиришга киришадилар. Вақти келганда яна бир байналминалчиликка асосланган мавжуд хавас қилса арзигулик  шу қишлоқдаги ўзгачалик борасида ҳам сукут сақлашнинг иложи йўқ. Деҳқонқишлоқда маҳаллий ўзбеклар билан ҳам нафас , бир бурда нонни иккига бўлиб, еб, борига шукур қилиб , яшаб келаётган шарқнинг азалий элатларидан бири дунгонлар ҳам истиқомат қилар эдилар. Уларни бу манзилларга қачон келиб қолганлари бизга маълум эмас. Лекин ўтган асрнинг  забардаст ўзбек шоири ва мутафаккири Абдулхамид Чўлпоннинг ўз даврида юртимизга сафар чоғида ёзган очеркида, Ўш музофоти орқали Туркистон пахта ишларига жалб этилгани Хитой томондан 50 минг, юз минглаб қашқарликлар ҳар йили ўтиб турган. Шу тариқа юртимизга уйғурлар билан бирга, деҳқончиликда жуда катта катта иқтидорга  эга бўлган асли мусулмон бўлган дунгонлар маҳаллий ўзбеклар билан қуда –андачилик ришталарини улайдилар.  Шунинг учун бўлса керак , шу кунга қадар Деҳқонқишлоқ аҳли икки маротаба Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Ҳайитохун ака Тошировни, Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари Инохон Исмоилова ва Абдуқодир Алахуновни ўзларига яқин олишиб ҳурмат билан эслаб юрадилар. Социалистик Меҳнат  Қаҳрамони Йўлдош ака Турғунов бежизга юқоридаги юртдошларимиздан бирини “куёвим” деб атамаган. Айнан Ҳайитохун ака Тоширов ва Тешабой Мусаев, Йўлдош Турғуновларнинг ташаббуслари билан Деҳқонқишлоқдан қўриқ ерларни ўзлаштиришга 16 хўжалик кўчиб кетади. Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Тешабой Мусаевнинг Ўғли Абдуфаттоҳ аканинг гапларига қараганда , улардан 10 хўжалик дунгон ва олти хўжалик ўзбек оилалари аввалига (1922 йилдан эътиборан) қўриқ ерларга ярим ертўла уй қуриб олиб , Ўшдан қатнаб келиб ишлаганлар. 1927 йилдан эса бу ерга бутунлай кўчиб келганлар. Тез орада хўжаликлар сони ўттиздан ошиб кетади. Ўзбек ва дунганлар ханодонлари тенглашиб, тез орада қишлоқ хўжалик ишларини юргизгани артел тузадилар. Артел ишини жонлаштириш учун аъзолар ўзларининг от-уловларини, қўшга қўшиладиган хўкизлари ва омоч каби ускуналаридан умумий мулк сифатида фойдаланадилар. Асосан пахтачиликка  йўналтирилган бу жамоа аъзолари ўз терим маҳсулотларини эшакларга юклаб , хирмонга ташир эдилар. . Пахта эвазига олинган пуллар артелнинг жамғармасини тўлдира бошлайди.  Бу орада колхозлаштириш ишлари бошланиб кетиб, қўриқ ерга кўчиб келган деҳқонқишлоқликлар биринчилардан бўлиб, колхоз тузадилар.  Янги ташкил этилган колхозга “Қизил Шарқ” деб ном берилади. Кўп вақт ўтмай пахтачилик соҳасида “Қизил Шарқ” колхози нафақат Қирғизистон АССрда балким Бутун Совет Иттифоқида ном чиқарди.
Умуман бу борада колхозлаштириш тарихига назар ташлаб ўтиш ҳам биз учун фойдадан ҳоли эмас. Бу хақда Ўш вилояти хақидаги энциклопедиясига  кўра, Ўш округида 1927 йилнинг октябр ойида бор йўғи 232 хўжаликни ўз ичига бирлаштирган 15 колхоз бор бўлгани айтилади. 1928йилнинг кузида эса 1307 хўжаликни бирлаштирган 98 та колхоз тузилган. 1929 йилнинг апрелигача  Ўш округида,  56 қирғиз,76 ўзбек, 16 рус ва 16 кўп миллатли ўзаро 3037 хўжаликни бирлаштирган колхозлар вужудга келди. Шу ўринда олдинга бироз ўтиб, колхозлаштириш ишларида қирғизистонлик ўзбекларнинг  ютуқларини алоҳида тараннум этишни лозим топдик. Агарким юқорида келтирилган 76 ўзбек  ва 16та “Қизил Шарқ”қа ўхшаган аралаш колхозлар  асосан пахтачиликка йўналтирилганини ёдга солсак, уларнинг бу жабхадаги жонбозликлари Қирғизистонни собиқ СССРда энг юксак даражалар етишига сабаб бўлдилар. 1937-1940 йилларда 64 минг гектар ер майдонига пахта экилди. Пахта бўйича хосилдорлик 1934 йилдан 1938 йилга қадар 4 бараварга ўсган. 1939 йили хосилдорлик бўйича  Ўш вилояти Совет Иттифоқида биринчи ўринни эгаллади.  Ўртача хисоб бўйича Ўш вилоятида бир гектардан 19.7 центнер хосил олинган. Бунда  Ленин, Қорасув,Аровон туманларида 20  центнердан, илғор колхозларда эса ҳар гектардан 30 ва ундан  юқори центнердан ҳосил ундирилган. Албатта илғор колхоз деганда  деҳқонқишлоқликларнинг ”Қизил Шарқ” жамоа хўжалиги айтилмай қолмаган. Бу жамоанинг кўрсатқичлари  ўз даврининг рекорди эди десак янглишмаймиз. Ушбу колхознинг  илғорлари йигирманчи йиллари ўзларига бириктирилган 22-25 гектардан 6-7 центнердан, 30 йиллар бошида гектаридан 20-22 центнердан, 36 йилдан кейин ҳар гектардан 30 центнердан зиёд хосил олишга эришдилар. Бироқ бу кўрсатқичлар Улуғ Ватан Уруши даврида колхозчилар бутун йилқи ва  мол – ҳолларини фронтга жўнатганлари сабаб бир мунча тушиб кетганлиги кузатилади. Бироқ Совет Хукумати бунинг эвазига “Қизил Шарқ”колхозининг янги ерларни ўзлаштириш бўйича мутахасис миришкор деҳқонларга “брон” бериб, фронтга жўнатмади. Уларнинг фидокорона меҳнатларини олдинги сафдаги жангчилардан кам кўрмади. Баъзи бир фронтга отланган колхоз бригадирларини Хайтохун Тошировнинг ўзи аралашиб, вокзалдан қайтариб келганликлари хақида оқсақоллар гоҳ-гоҳ эслашиб қоладилар . Бу чораларнинг самараси ўлароқ номдор колхозчилар 1945-50 йиллар мобайнида ўзларига бириктирилган 310гектардан зиёд ер майдонидан ҳар гектаридан 40-50 центнердан рекорд даражада пахта хосилини ундирдилар.
        Пахтачиликда етишган юқори кўрсатқичлари, меҳнатларидаги жонбозлиги учун СССР Олий Совети Президиумининг 1951 йилнинг 20 мартидаги буйруғи билан Хайитохун Таширов бош бўлиб, “Қизил Шарқ” колхози аъзоларидан 9 киши Социалистик Меҳнат Қаҳрамони унвонига сазовор бўлдилар.
       1956 йили колхознинг пахта экилган майдони 1030 гектарга етиб, ҳар гектаридан 34.2 ц., 1957йили 1100 гектар пахта майдонидан гектаридан 33 центнер ҳосил олиниб, давлатга жун топшириш плани 134.9 фойизга, гўшт топшириш 120.8 фойизга бажарган ”Қизил Шарқ” колхозчиларининг довруғи Иттифоқ даражасига тантана қилинди. Шундай ютуқларни таъминлай олган колхоз раиси Х. Тоширов иккинчи бор Социалистик Меҳнат Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди. Ўша пайтдаги таомилга кўра икки маротаба Қаҳрамонларга ўз ватанларида бронзадан бюст хайкал қўйилган.
     Ўш вилоятининг Аравон туманидан 8 нафар Социалистик Меҳнат Қаҳрамони ва 1 нафар икки бора Социалистик Меҳнат Қаҳрамони  чиқса, Қорасув туманига қарашли кичкинагина Деҳқонқишлоқдан ҳам шунча меҳнат қаҳрамонлари етишиб чиқиши ушбу масканнинг номи бежиз қўйилмаганига далолат бўлса керак. Шунингдек  бу муқаддас маскан бугунги кунда ҳам ўзининг миришкор деҳқон - чорвадорлари, уста ҳунарманд – машинасозлари, абжир тадбиркор - савдогарлари ва айниқса дину-урфонда номдор қорилари билан машҳурдир. Айни пайтда Қирғизистонда Ўзбекистон билан қўшма “Акфа”, “Имзо”, “Артель” ва автосаноат корхоналарини вужудга келишига сабабчи бўлган Ўш шахар кенгаши депутати, унинг кенгаши раиси ўринбосари Суҳбатилло Мирзаев ҳам Деҳқонқишлоқ фарзанди эканини алоҳида таъкидлаб ўтишлик жоиздир.