18.08.2020 14:55 Ўш 1737

“Жаны Муун” – “Янги Авлод” жамғармаси 6 000 000 ( олти миллион) сомлик тиббий техника ва жиҳозларни Ўш шахар муассасасига ҳадя этди

ЎШ.18 август – Альянс-Пресс. Бугун Жанубий пойтахтнинг марказий майдонида Ўш шаҳри ўзбеклар маркази қошида ташкил этилган “Жаны Муун” – “Янги Авлод” жамғармаси фаоллари Ўш шаҳри мэриясига умумий баҳоси 6 миллион сом бўлган “Тез ёрдам” автомобили, тиббий техника ва жиҳозлар, ҳамда индивидуал ҳимоя костюмлари ва респираторларни топширдилар.


Тиббий техникалар ва жиҳозларни топшириш тадбирида  Талайбек Сарбашев бошчилигидаги Ўш шахар мэрияси вакиллари, Ўш шахар кенгаши депутати Суҳбатилло Мирзаев, Ўш шахар ўзбеклар маркази раиси Абдурашид Ҳоджаев, Дониёр Нурматов етакчилигидаги “Жаны-Муун” –“Янги Авлод” жамғармаси аъзолари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги,  нодавлат ташкилотлари, диний идора ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.

Тадбирда қисқа нутқ сўзлаган Ўш шахар мэри Талайбек Сарбашев бутун жаҳоннинг ташвишга солган тожливирус-Ковид19 пандемиясига қарши курашга  мамлакатимизнинг шифокорлари, кўнгилли волонтерларимиз ва жамиятимизнинг барча қатламлари қатори қирғизистонлик ўзбеклар ҳам ўзларининг сезиларли ҳиссаларини қўшиб келаётганини таъкидлади.

Жумладан Талайбек Сарбашев “Жаны-Муун” –“Янги Авлод” жамғармаси аъзоларининг бугун тақдим этаётган бир кардиологик аппарати ва бошқа тиббий ускуналар ўрнатилган Мерседес русумли “Тез ёрдам” автомобили, 80 та тиббий кроватлар, оддий ва ортопедик матраслар, 200 чойшаб комплектлари, бир ўпкани сунъий вентиляция қилиш аппарати, 200 дона индивидуал ҳимоя воситаси(этик ва баҳиллалари бор костюмлар) ва 7000 дона респираторларни Ўш шаҳри Соғлиқни сақлаш муассасаларига тақдим этганликлари учун бутун шахар жамоатчилиги номидан миннатдорчилигини изҳор этди.

Ўш шахар мэри Талайбек Сарбашевдан кейин  “Жаны-Муун” –“Янги Авлод” жамғармасининг уюштирувчиларидан бири ва бугунги тадбир ғоясининг муаллифи Ўш шахар Кенгаши депутати, “Акфа Пласт” компанияси директори Суҳбатилло Мирзаев, Ўш шахар ўзбек  маркази раиси Абдурашид Ҳоджаев, “Галарея-Ош” савдо маркази раҳбари Улуғбек Абдуллаев сўзга чиқдилар.

Ўнга яқин автомобилларга ортилган медицина жиҳозлари билан танишиб чиқар экан Ўш шахар мэри Ўш шахар Кенгаши депутати Суҳбатилло Мирзаев совға қилган “Тез ёрдам” машинасини шахсан ўзи бошқариб катта майдонни бир қатор айланиб чиқди. Шунингдек Ўш шахар мэрига Ўш садоси газетаси Бош муҳаррири Соҳибахон Шокирова ўз ҳисобидан Ўш шаҳри касалхонаси учун навбатдаги  ИВЛ (ўпкани сунъий вентиляция қилиш) аппаратини ҳадя этаётганини айтди. 

 “Жаны-Муун” –“Янги Авлод” жамғармаси етакчиси Дониёр Нурматов ўз жамоасининг Ковид19 пандемиясига қарши уюштирилаётган акцияларининг еттинчиси эканлигини таъкидлади. “Жаны-Муун” –“Янги Авлод” акцияларини  савдо фирмалари, бошқа нодавлат ташкилотлари ва жамғармалар билан боғланган ҳолларда ҳам ўтказади. Бу тадбирларда шаҳримиздаги “Акфа Пласт” компанияси ,“Галарея-Ош” савдо маркази, “Ҳадия” ҳайрия фонди ва “Ойбек Олимжонов” ҳайрия жамғармаси яқиндан ёрдам бериб келаётир. Шунингдек тадбирлардан бирида  “Ойбек Олимжонов” ҳайрия жамғармаси раиси Фарҳодбек  Олимжонов Ўш вилоятига қарашли Қорасув тумани тиббий муассасасига бир замонавий жиҳозланган “Тез ёрдам” автомобилини ҳадя қилган.

Тадбир якунида Ўш шахар Кенгаши депутати Суҳбатилло Мирзаев совға қилган “Тез ёрдам” машинасининг ҳужжатларини Ўш шаҳри касалхонасининг  Бош шифокори Кыялбек Жаныбековичга тантанали тарзда топширди. Шундан сўнг медицина жиҳозлари ортилган ўнга яқин юк автомобиллари карвони  “Тез ёрдам” машинаси ортидан шахар касалхонасига йўл олди...








 
Бўлим мақолалари
03.04.2024
18.12.2023
09.12.2023
24.11.2023
07.09.2023
03.05.2023
13.04.2023
31.03.2023
18.11.2022
28.10.2021