23.06.2025 11:10 1778

Ўзбекистонда БМТнинг давлат хизмати масалалари бўйича форуми бошланди

САМАРҚАНД, 23 июнь – Альянс-Пресс. Самарқанд шаҳрида БМТнинг давлат хизмати масалалари бўйича Халқаро форуми ўз ишини бошлади. Форум доирасида «2030 йилгача қолган беш йил: барқарор келажак учун давлат хизматларини кўрсатишни жадаллаштириш» мавзусида пленар йиғилишлар ва тематик муҳокамалар ўтказилади.



Форумда Европа, Осиё, Лотин Америкаси ва Африка мамлакатларидан вазирлар, юқори лавозимдаги давлат хизматчилари ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этмоқда.
 
Тадбир бошланишидан аввал Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева давлат раҳбарининг форум иштирокчиларига йўллаган табрик сўзини ўқиб эшиттирди. Шунингдек, БМТ Бош котибининг иқтисодий ривожланиш бўйича ёрдамчиси Навид Ханиф, Малайзия Бош вазирининг ўринбосари Фадиллах Юсуф ва Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов ҳам табрик нутқлари билан чиқиш қилдилар.
 
Форумнинг ташкилотчилари сифатида БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича департаменти (UN DESA), Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, Стратегик ислоҳотлар агентлиги ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қайд этилган.
 
Мутaxассислар фикрича, форумнинг 23 июн – БМТнинг Давлат хизмати кунига тўғри келиши рамзий аҳамиятга эга. Ушбу тадбир давлат бошқарувини такомиллаштириш, хизматлар сифатини ошириш ва халқаро ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган муҳим майдончага айланади.
 
Маълумот учун, форум 2003 йилдан бери ўтказиб келинмоқда ва илгари АҚШ, Австрия, Испания, Танзания, Баҳрайн, Марокаш, Колумбия, Озарбайжон (2019) ҳамда Жанубий Корея (2024) каби мамлакатларда бўлиб ўтган.
 
Тадбир Самарқанд шаҳрида 23–25 июнь кунлари давом этади.
 
Бўлим мақолалари
07.08.2025
06.08.2025
05.08.2025
01.08.2025
31.07.2025
30.07.2025
28.07.2025
25.07.2025
24.07.2025
21.07.2025