30.04.2025 17:18 1211
ТОШКЕНТ. 30 апрел – Альянс-Пресс. Ўзбекистон Миллий университетида Журналистика ва ўзбек филологияси факультети томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда таниқли шоир, Ўзбек Миллий уйғониш даври адабиётининг йирик намояндаси Комил Хоразмий таваллудининг 200 йиллигига бағишланган илмий-маърифий анжуман бўлиб ўтди.
Анжуманни ўз кириш сўзи билан Журналистика ва Ўзбек филологияси факултети декани Музаффар Чоршанбиев очиб берди.
Тадбирда Ўзбек адабиётшунослиги кафедраси мудири,ф.ф.д., профессор Хамидулла Болтабоев модераторлик қилди. Унда сўзга чиққанлардан Ўзбекистон мақом институти доценти, санъатшунослик фанлари номзоди Ботиржон Матёқубов Комил Хоразмийнинг мусиқий мероси борасида маъруза қилди.
Комил Хоразмий ижодидаги мураккаб структурали жанрлар хақида ф.ф.ф.д., доцент Дилрабо Қозоқбоева сўз қилди. Комил Хоразмий– Хоразм адабий муҳитининг етакчиси сифатидаги ўрни хақида ф.ф.ф.д., доцент Улбосин Аметова маъруза ясади.
Сўзга чиққанлар Комил Хоразмийни серқирра санъаткор - мусиқашунос олим, забардаст шоир бўлишдан ташқари, шунингдек ўткир дипломат ҳамда давлат арбоби сифатида машҳур бўлганлигини эътироф этдилар. Анжуманга ўзгача тус ва жило бериб, ажойиб ҳофиз ва машшоқ тарафидан Комил Хоразмийнинг шеърлари асосидаги куй-қўшиқ ва ашулалари янгради.
Мазкур тадбир якунида талабалар билан бўлган савол-жавоблар натижасида йигилиш қатнашчилари Комил Хоразмий меросини чуқур ўрганиш, ёшлар онгида миллий адабиётга меҳр уйғотиш ва ижодий фаолиятни рағбатлантиришга хизмат қилади деган фикрни илгари сурдилар.
Бўлим мақолалари