03.06.2025 13:48 Ўш вилояти 1269

ЎШ ШАҲРИДА II ХАЛҚАРО ТУРИСТИК КЎРГАЗМА-ЯРМАРКАСИНИНГ ОЧИЛИШ МАРОСИМИ БЎЛИБ ЎТДИ

ЎШ. 3 июн – Альянс-Пресс. Ўш шаҳридаги С.Ибрагимов номидаги Ўш Миллий драма театрида “Салом, Ўш – 2025” II Халқаро кўп тармоқли туристик кўргазма-ярмаркасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.



Ушбу кўргазманинг очилиш маросимида Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Бақит Торобаев, Қирғизистон Президентининг Ўш вилоятидаги ваколатли вакили  Элчибек Жантаев, Ўш шаҳар ҳокими Женишбек Токторбаев, Президентнинг Жалолобод вилоятидаги ваколатли вакили  Тилек Текебаев, ҚР Савдо-саноат палатаси раҳбарияти, Туризм департаменти директори, БМТ ва ЕХҲТнинг Бишкекдаги Дастурий офиси вакиллари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ўш шаҳридаги Бош консули Зафарбек Аҳмедов ва Ўзбекистон Республикасининг Фарғона вилояти ҳоким ўринбосари  Хуршиджон Аҳмедов иштирок этдилар.
 
Кўргазмада Германия, Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Қирғизистоннинг барча вилоятларидан туризм соҳасида фаолият юритувчи ташкилотлар, муассасалар ва туроператорлар иштирок этиб, ёзги туристик мавсумга тайёргарликларини  намойиш этдилар.
 
Фестиваль очилишида 50 нафар қўмузчи  “Маш ботой” қўшиғини ижро этишди . Халқ достони  Манас айтилди.  Анъанага мувофиқ Қирғиз кўчи карвони миллий кийим кечаклар кийган қариялар, эркак ва аёллар ва қизлар зоттор отларни ва туяларни миниб,  бургут ҳамда тайған ва този зотли овчи итларни, қўтосларни етаклаб салобат билан ўтдилар. Байрам мушаклари отилди.
 
Тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Қирғизистон Президентининг ваколатли вакили  Элчибек Жантаев ушбу кўргазма Ўш вилоятининг беназир табиий ва маданий бойликларини кенг тарғиб этишга, туризм соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга, инвестицияларни жалб этишга ва маҳаллий жамоаларнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
 
Очилишдан сўнг расмий меҳмонлар кўргазма-ярмарка экспозициялари билан танишишди. У ерда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озиқ-овқат, канцелярия буюмлари, техника, қурилиш материаллари, кийим-кечак, маиший буюмлар, туристик ва ҳунармандчилик маҳсулотлари,  тақдим этилди.
Қўшни республиканинг Фарғона вилояти уста моҳир ҳунармандлари марғилонликларнинг  попоп, сузана қўлланган  адрас кийим кечаклар ва риштонликларнинг  юксак дид билан ишлаган сапол идиш буюмлар сервизлари  жуда кўпчиликнинг эътиборларини тортдилар.
 
Кўргазманинг асосий мақсадлари:
 • Ҳудудга туристлар оқимини ошириш
 • Халқаро ва маҳаллий туроператорлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш
 • Маҳаллий аҳолининг туризм ҳақидаги билимларини ошириш
 • Ҳудуднинг маданий меросини тарғиб этиш
 • Ички ва ташқи бозорларга маҳсулот ва хизматларни олиб чиқиш
 
“Салом, Ўш – 2025” фестивали Ўш вилоятида янги туристик йўналишларни ривожлантиришда муҳим тадбир ҳисобланади.
 
Кўргазма икки кун давом этади. Эртага, 4-июн куни, тадбир Ноқат туманидаги Қорақўй яйловида этно-туризм йўналишида давом эттирилади.


Соҳиба Шокирова
 
Бўлим мақолалари
24.05.2026
21.05.2026
20.05.2026
29.04.2026
27.04.2026
20.04.2026 ШАВКАТ РАҲМОН ЎШГА ҚАЙТДИ
ЎШ. 20 апрел – Альянс-Пресс. Бугун Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театрида атоқли ўзбек шоири Шавкат Раҳмон таваллудининг 75 йиллигига бағишланган тантанали юбилей кечаси юқори савияда бўлиб ўтди.
18.04.2026 Халқаро ҳамкорлик : Қадим ва навқирон Ўшда гуллар диёри Наманган нафаси
ЎШ. 18 апрел - Альянс-Пресс. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорликнинг янги даври ҳар соҳада изчил амалий натижалар бермоқда
27.03.2026 Тошкентда Маъсудбек Ҳоловнинг «Alp Turon izidan» номли шахсий кўргазмаси очилиши бўлиб ўтди
2026 йил 27 март куни Тошкентдаги Фотосуратчилар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, иқтидорли рассом Маъсудбек Ҳоловнинг «Alp Turon izidan» номли шахсий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
27.02.2026
24.02.2026