09.06.2025 17:47 1691
ТОШКЕНТ. 9 июн – Альянс-Пресс. 9 июн куни соат 16:00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройининг катта кўргазмалар залида рассом Хасан Саидовнинг шахсий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Кўргазмага пойтахтда ва Андижон вилоятида ижод қилган рассомлар , ҳорижий мамлакатларнинг Ўзбекистонда аккредитацияланган муҳбирлар ва маҳаллий журналистлар, зиёли қатлам вакиллари, талабалар қатнашдилар . Шунингдек Ўзбекистон Бадиий Академияси раиси Акмал Нур, профессор ва Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Файзуллахон Ахмадалиев каби рассомлар ва Бобур Мирзонинг Акбаршоҳ набираси зурриёдларидан бири бўлган Зайниддин Мирзодек зиёли инсонлар Хасанжон Саидов ва унинг ижоди хақида илиқ фикрларини билдирдилар.
Кўргазмага қўйилган рассомнинг 50га яқин рангтасвир ишлари тасвирий санъат ихлосмандларида ўзгача шукуҳ бағишлаганини эътироф этдилар.
Хасан Саидов -1948 йил 8 сентябрда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилган.
П. Бенков номидаги рассомлик билим юртида таҳсил олган. Кейин эса Островский номидаги Театр ва Рассомчилик институтининг "Дастгоҳли рангтасвир" факултетини тамомлаган.
1974 йилда институтни тамомлагач, Андижон бадиий устахонасига ишга юборилди.
1976 йилдан СССР рассомлар уюшмаси аъзоси.
1978 йилдан Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси.
Малтадаги "Meridian Арт" номли Дунё рассомлари клуби аъзоси.
1993 йилда бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ёшлик йиллари акс эттирилган туркум асарлари учун "Бобур" номидаги мукофот билан тақдирланган.
Жуда кўп шахсий ва гуруҳий кўргазмаларни ташкил қилган. Москва шаҳридаги умумиттифоқ ва бутун жаҳон кўргазмаларида фаол қатнашган.
Рассомнинг ижодида асосан портрет жанри муҳим ўрин тутади. У ўша давр замонаси қаҳрамонлари сиймосини яратади. Жумладан, механизатор "Ребер Эннанов" портретида салобатли, офтобда тобланган меҳнаткаш инсон қиёфаси ва адирга сув чиқарадиган насослар тасвирланган. Унинг яна бир "Механизатор" асарида белбоғли ўзбек йигитининг қанчалар забардаст ва ўз ишининг устаси эканлиги тасвирланган.
Бобур ижоди рассомнинг энг севган мавзусидир. "Ярадор Бобурнинг Ўшга қайтиши ", "Aҳмад Танбал билан Хонзодабегим жанги" каби асарлари Андижондаги Бобур уй-музейида сақланиб келмоқда. Рассомнинг 7та асари музей коллекцияларидан жой олган.
Рассом табиатни жуда севади. Унинг "Навоий кўчаси" асарида баҳор фасли тасвирланган. "Помир тоғлари", "Бадахшон қизлари" образларида македониялик Александрнинг авлодлари акс этган. Aтлас кўйлак, дўппилар кийган, кўзлари кўм – кўк қизлар олис ўтмишни эслатади.
Кўргазма жорий йилнинг 18 июнигача давом этади.
Кириш бепул. Манзил: Юсуф Хос Хожиб кўчаси, 37 "А".
Бўлим мақолалари