20.04.2026 17:33 Одилжон Дадажонов Ўш 278
ЎШ. 20 апрел – Альянс-Пресс. Бугун Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театрида атоқли ўзбек шоири Шавкат Раҳмон таваллудининг 75 йиллигига бағишланган тантанали юбилей кечаси юқори савияда бўлиб ўтди.
Мазкур маданий-маърифий тадбир ТЮРКСОЙ ҳамжамияти, Қирғизистон ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмалари ҳамкорлигида ташкил этилди. Кечада шоирнинг ҳаёти ва ижоди, унинг ўзбек ва туркий адабиёти тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси алоҳида эътироф этилди.
Тадбирда Қирғиз Республикаси Давлат котиби Арслон Кўйчиев,ТЮРКСОЙ Бош котиби Султон Раев, Ўш шаҳар мэри Жанар Акаев, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Озарбайжон Миллий ёзувчилар уюшмалари аъзоси Бегижан Аҳмедов иштирок этдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари,сенатор Минҳожиддин Ҳожиматов, раис ўринбосари Ғайрат Мажидов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, “Тафаккур” журнали бош муҳаррири Эркин Аъзам, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Ориф ҳамда шоирнинг рафиқаси Манзура Раҳмонова тадбирда қатнашиб, ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.
Шу билан бирга, “Сайланма” китоби муҳаррири Салим Ашур, Андижон вилояти бўйича Ёзувчилар уюшмаси бўлими раҳбари Хуршида Қўчқорова, профессор, адабиётшунос Баҳодир Раҳмонов, “Адабиёт” нашриёти бош директори Нодир Сувонов, адабиётшунос олим Отабек Жўрабоев, тадбир ташкилий ишлари бўйича масъул Муҳаммад Сиддиқ ҳамда ахборот ва матбуот хизмати бўлими раҳбари Фозил Фарҳод каби қатор зиёлилар ҳам иштирок этдилар.
Тадбир давомида Шавкат Раҳмоннинг шеъриятидан намуналар ўқилди, унинг ижодий мероси, замонавий ўзбек адабиётида тутган ўрни ва ёш авлод тарбиясидаги аҳамияти ҳақида маърузалар тингланди.
Ушбу адабий кеча нафақат шоир хотирасига эҳтиром рамзи, балки қардош халқлар ўртасидаги маданий-адабий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилган муҳим воқеа сифатида эътироф этилди.
Бўлим мақолалари