30.03.2021 03:08 М. Қозоқбоев. Ўш 1735

Сайлов бўйича шарҳ

“Элдик медия” сўровномасида нега “Улуттар биримдиги” рейтинги баланд?!



2021 йилнинг 11 апрел куни Қирғизистонда маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловлар бўлиб ўтади. Шу куни сайловчилар 28 шахар ва 420 қишлоқ кенгашлари депутатлигига овоз берадилар. Шахар кенгашларига илгаргидек партиявий тизма билан сайловлар ўтади. Балким бу партиявий тизма билан олиб борилган охирги сайловдир. Чунки ҳудди шу куни қирғизистонликлар  Республикамиз Конституциясининг янги лойиҳаси учун ҳам  референдумда овоз берганида партиявий тизма масаласи ҳам бир ёқли бўлиши мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам бугунги мавжуд партиялар ўзларини эртага керакмас уюшмага айланиб қолишларидан чўчимай, ётиб қолгунча, отиб қол” деганларидек, илгаригидай иштиёқ ва қувват билан ташвиқот ишларини бошлаб юборганлар.  Кунаро сайловлар бўйича ижтимоий тармоқда репортажлар, сўровномалар ва таҳлилий материаллар берилиб турибди.
Хусусан куни кеча “Клоп” ахборот агентлиги бугунги янги сайловларда ўтган йилги 6 октябр воқеаларига сабабчи бўлган “Биримдик” ва “Мекеним Қирғизистон” партияларидан номзоди кўрсатилган 80 фоиз кишилар бугун янги иқтидорга келган партиялар тизмасидан жой олганини айтиб чиқди. Халқнинг норозилигини келтириб, мамлакатда учинчи инқилоб юзага чиқишига сабабчи бўлган юқоридаги партияларининг штаб бошлиқлари янгидан давлат тепасига келган партияларнинг ҳам штабларини бошқариб қолдилар. Бу борада жорий йилнинг 19 март куни  Азия news сайти ҳам ёзиб  чиқди.
Ўш шаҳрида маҳаллий кенгаш депутатлигига сайловларни ҳамжихатликда адолат бирла ўтказиш хақидаги меморандумни имзолашдан 9  сиёсий партиялардан 6 нафар партия  раҳбарлари воз кечишди. Улар Ўш шахар Кенгаши сайловларида илгаригидай маъмурий ресурслар қўлланилаётгани айтиб чиқдилар. Сайлов жараёнини бошиданоқ бундай тус олиши албатта яхшиликдан дарак бермайди.
Магарам Қирғизистонда сайловлар  сурункали равишда турли тафсилотларга бой тарзда серташвиш рукнда ўтади. Унинг қандай натижа билан якунланишини манаман деган таҳлилчи ҳам олдиндан айтиб бериши қийин масала. Лекин шундай бўлсада, баъзи қизиққан томонлар ҳар эҳтимолга қарши сайлов бўйича ҳомаки прогноз тузишга интиладилар. Ўша прогнозга нисбатан воқеаларни жиддийлашишини олдини олишга харакат қиладилар. Бироқ эртага нима бўлиши Оллоҳдан бошқага аён эмасдир. Инсон фақат таҳмин қилади, вақт эса тақазо этади. Лекин нима бўлганда ҳам инсон ўзининг ақли ожизига таяниб бўлаётган воқеаларни ўтган вақтдаги воқеаларига таққослаб таҳлил қилмоғи жоиздир.

“Элдик медия” ахборот агентлиги ўз сайтида йўлга қўйган on-line овоз бериш тизимига кўра, ўшликлар  Ўш шахар Кенгаши депутатлигига сайловларда  танлаган партиялари қуйидаги ўринларни эгаллаган.

“Улуттар биримдиги”      – 32%, яъни бу партияга 507 киши он-лайн овоз берган;
“Ата-Журт Кыргызстан” – 25%, яъни 392 овоз;
“Ишеним”                           -17%, яъни 269 овоз;
“Бутун Кыргызстан”          - 13%, яъни 213 овоз;
“Бир Бол”                             - 7%,   яъни 116 овоз;
“Ийман нуру”                     -  3% , яъни 41  овоз;
“Ынтымак”                            -2% , яъни 27 овоз;
“Улуу журт”                          - 1%,   яъни 10 овоз;
“Республика”                        - 0%, яъни  7  овоз.

 Жаами берилган овозлар сони 1582

“Элдик медия” ахборот агентлиги сайтидаги on-line овоз бериш 9 апрелга қадар давом этади.

Бу рейтинг  бир қарашда юзаки кўрингани билан, бироқ уни хақиқатдан унча йироқ деб тушунмаслик керак. Менинг фикри ожизимча “Ынтымак”  сиёсий партияси Ўш шахар Кенгаши сайловларида еттинчи эмас балки 3чи ўринни эгаллаши мумкин. Негаки биз юқорида  Клоп ахборот агентлиги таъкидлаганидек,  бугунги сайловга қатнашаётган “Ынтымак”  сиёсий партияси сафидаги 80 фоиз номзодлар ўтган йилги “Мекеним Кыргызстан”дан кўчиб ўтган. Ўз-ўзидан бу номзодлар ўтган йили қайси ҳудудлардан сайланган бўлса, ўша сайлов ҳудудларига қайтиб борганлар ва бу жойларда уларнинг аввалдан ишланган электорати  бўлиши мумкин. Ҳудди шунингдек ваъзият “Ата-Журт Кыргызстан” да бўлиши билан бирга, унинг ҳозирги ҳокимият тепасида туриши ушбу партияни сайловлар рейтингининг иккинчи поғонасини эгаллашига сабаб бўла олади.

Энди бу тизмадаги “Улуттар биримдиги” халқ партиясининг юқори ўрни, унинг Ўш шаҳрининг тарихий аспектдаги ўрнига ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Чунки бу партия куни кеча тузилиб қолгани йўқ. Унинг ўзига яраша тарихи ва анънаси мавжуд. Бу партия 2010 йилги нохуш воқеалардан кейин тузилиб, ўз сафида турли миллат вакилларини бирлаштириш учун сиёсий майдонга чиққан эди. Бу партия 2012 йилги Ўш шаҳар Кенгашининг  45 мандатидан 21 мандатни қўлга киритган. “Улуттар биримдиги” ўз номини оқлаш учун ўзбек миллатига мансуб номзодлардан 5 нафарига депутатлик мандатини берган. Ўша пайтда бундай жўмардликни биргина ҚСДП (СДПК) партияси қилишга уринди. СДПК сафида 4 нафар ўзбек миллатига мансуб номзодга мандат теккан эди. Бироқ бугун СДПК партияси ўзаро тортишишлар сабаб, мамлакатимизнинг ҳозирги  сиёсий жараёнига қўшилолмади. Бу борада  хатто “Республика” сиёсий партияси ҳам байналминаллик бобида бошқа партияларга ўрнак бўлолмаган. Масалан “Республика” партияси 2012 йилги сайловларда 8 мандатидан фақат бир дона мандатини ўзбек номзодига насиб этган. Солиштириб айтганда 2012 йилги шахар кенгаши депутатлиги сайловларида қатнашган “Улуттар биримдиги”  партияси номзоди Дилмурод Ишонов 2014 йили партиявий тизмага кўра ўз мандатини олган. Бироқ “Республика”даги 4 чи бўлиб рўйхатда туриб мандат олган Акрамжон Хакимовдан ташқари 6 чи ўриндаги Соҳибахон Шокирова, 9 чи ўриндаги Рустамжон Сулаймонов ва 12чи , 15чи... ваҳаказо барча номзодларнинг фамилиялари Ўш шахар сайлов комиссияси рўйхатдан умуман олиб ташланган эди.

Аввалроқ эса 2010 йилда “Республика” партияси сафидан сайланган бир ўзбек номзоди, қандайдир сабабларга кўра бир ҳафта ҳам парламентда ўрин олмай мандатдан ажраб келган эди. 2015 йилги парламент сайловларида “Республика” партияси тизмасида 19 ўринда  турган Рустамжон Қўзиев қонуний равишда парламент аъзоси бўлиши муқаррар ҳолда мандатдан ажратилганди.  

Балким шунинг учун бугун “Республика” партиясига овоз бергувчилар Ўш шаҳри сайловчилари орасида кам бўлиши мумкин. Балким “Республика” партияси ҳам ҳудди СДПК партиясидай илгаргидай бутун мамлакатга татигудай аҳволи қолмай,  энди алоҳида бир ҳудудга тегишли бўлиб қолгандир? Негаки “Республика” сафидан 2013 йили Бақит Торобаев бошчилигида жалолободликлар “Онугуу- Прогресс” партияси билан, Ўш вилоятидан эса Олтинбек Сулаймонов етакчилигида “Бир Бол” партияси ажралиб чиқиб, унинг илгариги нуфузига путур еткизганди. Шу ҳусусда менинг фикримча Қирғизистондаги барча партиялар асосан ўзларининг асосчиларининг кичик ватанларидан куч олади ва ўз-ўзидан айнан шу регионда беҳад кучлидурлар. Масалан Ўш вилояти бўйича қаралса “Мекеним Кыргызстан ” Матраимовларнинг кичик ватани Қорасув туманида, “Бутун Кыргызстан ” Адахан Мадумаровнинг кичик ватани Ўзганд туманида, “Бир Бол” партияси унинг асосчиси Олтинбек Сулаймоновнинг кичик ватани бўлмиш Новқат туманида кучли. Шу жумладан “Улуттар биримдиги” унинг асосчиси Мелис Мирзакматовнинг кичик ватани Ўш шаҳри билан уйқашиб кетган Қорасув туманида ўзгача кучлидир. Негаки илгариги Қорасув тумани таркибида бўлган Тўлайкан, Ўзгор, Жапалак, Ак Тилек, Кенеш ҳудудлари бугун Ўш шаҳрининг измидадир. Шунингдек Ўш шаҳрига энг кўп интеграция қилган аҳоли ҳам унинг шарқий ва ғарбий тарафидаги қорасувликларни ташкил этади. Жумладан шахарнинг Олмалиқ кесими, СМУ ТТ, Кулатов, Анор, Черемушки, ХБК- Манас Ота, Жанубий Шарқий  кичик шахарчалари аҳолилари ҳам асосан қорасувликлардан ташкил топгандир.  Бу борада  Ўш давлат университети ректорлигига унинг ўқитувчилари иштирок этган сайловларда аввалам бор қорасувлик олимнинг қўли баланд келиши ҳам бежиз бўлмаса керак.

Шунинг учун Алмаз Атамбаевнинг сиёсати Мелис Мирзакматовнинг ўрнига ҳам муқобил номзод сифатида Ўш шахар мэри этиб қорасувлик Айтмамат Қадирбаевни рўкач қилишган бўлса ҳам ажаб эмас. Лекин бугун сиёсатда тан олиб айтиш керак Алмазбек Атамбаев ҳам , унинг СДПК ҳам ва  унинг аъзоси  Айтмамат Қадирбаев каби қорасувлик Мелис Мирзакматовга тенг келадиган кадри ҳам йўқ! Шунинг учун “Улуттар биримдиги” партияси юқоридаги рейтингнинг юқори поғонасидан жой олган бўлса керак...
.
“Альянс-Пресс” сайлов жараёнини кузатишда давом этади.
 
Бўлим мақолалари
09.08.2021 Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови: Демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми
Шу кунларда Марказий Осиё ҳудудидаги етакчи давлатлардан бири, қардош Ўзбекистон мамлакатида катта сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари 2021 йил 24 октябр куни бўлиб ўтади. “Альянс - Пресс” ахборот агентлиги қардош Ўзбекистон Республикасида ривожланган демократик давлат, эркин ва мустақил, фаровон жамият қуришдек ғоят муҳим жараёнларнинг омили бўлган ушбу катта сиёсий тадбир хақида ўз ўқувчиларига кенг қамровли маълумот бериш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари хақидаги мақоласини ҳавола этади.
13.03.2020
29.09.2017 Бошсиз чавандоз Ўн Адирда
Телба ким? У шундай одамки қиладиган ишларида ҳато йўқдек гўё, бироқ у қайси жойда, қандай ўзини тутишни билмайди. У таъзияга келиб, ҳазил-мутоиба қилиши, тўйларда эса йиғлаб юбориши мумкин. Албатта бундай одамни ақлли деб бўлмайди. Мундоқ ўйлаб қарасанг туппа тузик одам ҳам йиғлаши ва кулиши мумкин. Лекин барча ишнинг ўрни ва вақти бўлади.