09.08.2021 15:15 Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВ,Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси,Ўзбекистон Қаҳрамони 864

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови: Демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми

Шу кунларда Марказий Осиё ҳудудидаги етакчи давлатлардан бири, қардош Ўзбекистон мамлакатида катта сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари 2021 йил 24 октябр куни бўлиб ўтади. “Альянс - Пресс” ахборот агентлиги қардош Ўзбекистон Республикасида ривожланган демократик давлат, эркин ва мустақил, фаровон жамият қуришдек ғоят муҳим жараёнларнинг омили бўлган ушбу катта сиёсий тадбир хақида ўз ўқувчиларига кенг қамровли маълумот бериш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари хақидаги мақоласини ҳавола этади.



Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови: Демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми
 
Мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мажлисда Марказий сайлов комиссияси 2021 йил 24 октябрни – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни деб белгилади. Сайлов кампанияси 23 июлдан бошланиши эълон қилинди.
Бу йил давлат мустақиллигининг 30 йиллиги кенг нишонланаётган мамлакатимизда инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинлик ва қонуний манфаатлари энг олий қадрият сифатида эътироф этилган  янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Ривожланган демократик давлат, эркин ва мустақил, фаровон жамият қуришдек ғоят муҳим жараёнда миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш, сайлов қонунчилиги ва амалиётини умумэътироф этилган халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини янада кенг ва тўла таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Изчил ўзгаришлар
Шу кунларда мамлакатимизда катта сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Бу борадаги барча жараёнлар очиқ, ошкора, миллий сайлов қонунчилиги асосида ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 8 февралида қабул қилинган қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган ўзгартиришга биноан мамлакатимизда Президент сайлови октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 23 июль куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида ана шу йирик сиёсий жараёнга старт берилди.
Мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мажлисда Марказий сайлов комиссияси 2021 йил 24 октябрни – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни деб белгилади. Сайлов кампанияси 23 июлдан бошланиши эълон қилинди.
Ўз олдига мамлакат тараққиётини янги, янада юқори босқичга кўтаришдек буюк мақсадни қўйган янги Ўзбекистонда Президент сайлови янгиланган миллий сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос, демократик тамойиллар асосида, очиқ ва ошкора ўтказилиши мажлисда алоҳида таъкидланди.
2016 йил 4 декабрдаги Президент сайловидан кейинги даврда халқимиз, мамлакатимиз ҳаётида ва миллий сайлов қонунчилигимизда катта ўзгаришлар юз берди.
Нуфузли халқаро экспертлар таъкидлашганидек, 2016 йилдан Ўзбекистон ўзининг сифат жиҳатидан янги тараққиёт босқичига қадам қўйди. Юксалиш жараёнида инсон ҳуқуқларини кенг таъминлаш, сиёсий-ҳуқуқий ҳаётни ва оммавий ахборот воситаларини эркинлаштириш, жамиятни демократлаштириш каби масалалар ислоҳотларнинг устувор йўналишларига айланди. Миллий сайлов қонунчилигини изчил такомиллаштириш ҳамда сайловларни ўтказиш амалиёти янги юксалиш поғонасига кўтарилди.
2019 йилнинг 25 июнида қабул қилинган Сайлов кодекси бунинг яққол далилидир. Мазкур Кодекс илгари амалда бўлган сайловга оид бешта қонун ва ўнлаб қонуности ҳужжатларини ўзида мужассам этган. Ўтган сайловларда халқаро кузатувчилар томонидан берилган мақбул тавсияларни миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига татбиқ этишга сўнгги йилларда эътибор ошди.
Малакатмизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар сони яна биттага кўпайиб, партиялараро рақобат сезиларли даражада кучайди.
Жорий йилда ўтадиган сайловда конституциявий нормалар ва халқаро сайлов стандартларига биноан Ўзбекистон Республикасининг Президенти даврийлик принципи асосида сайланиши таъминланади.
Бу Ўзбекистон Республикасининг умум эътироф этилган халқаро демократик сайлов тамойилларига садоқатининг амалдаги яна бир далилидир.
Халқаро сайлов стандартлари асосида
Президент сайлови ҳақида таҳлилчилар сўз юритар эканлар, унинг аввалги сайловлардан тубдан фарқ қиладиган айрим жиҳатларига эътибор қаратмоқдалар.
Аввало, Президент сайлови илк бор Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтади.
2019 йилда Парламент ва маҳаллий кенгашларга ўтказилган сайловлардаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда хорижий кузатувчилар томонидан берилган тавсиялар асосида жорий йил 8 февраль ва 31 майда қабул қилинган қонунлар билан Сайлов кодекси ва бошқа қонунлардаги сайловга оид нормалар янада такомиллаштирилди. Жумладан:
•             хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритилиши ҳамда улар яшаётган ёки ишлаётган жойда овоз бериш имкониятининг яратилиши белгиланди;
•             қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, харбий қисмларда ташкил этилган сайлов участкаларига кузатувчиларнинг ташриф механизмлари соддалаштирилди;
•             сайлов комиссиялари аъзоларига иш ҳақи ва компенсация тўланишига оид қоидалар янада мустаҳкамланди;
•             сайлов комиссиялари зиммасидаги номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташил этишга оид вазифа бекор қилинди;
•             сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланди;
•             сиёсий партияларга сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлашнинг янги механизимлари жорий этилди;
•             сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар ўтказиш учун рухсатнома олиш ўрнига хабардор қилиш механизми белгиланди;
•             судлар ва сайлов комиссияларига такрорий шикоятлар тушиши, улар томонидан бир-бирга зид қарорлар чиқарилишининг олдини олиш мақсадида, сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятларни энди фақат судда кўриб чиқиш жорий этилди.
Президент сайлови Ўзбекистонда сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.
Бу йилги сайлов мамлакатимиз тараққиётининг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар изчиллик билан ҳаётга тадбиқ этилаётганлигининг ёрқин ифодаси бўлади.
Тизимли ишлар самараси
Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастурига биноан сайловга тайёргарлик кўриш ва уни демократик талаблар даражасида ўтказиш учун тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда, пандемия туфайли юзага келган шароитни ҳисобга олган ҳолда, кенг кўламли ишлар бажарилди.
Қайд этиш жоизки, жаҳонда пандемия сабабли мураккаб вазият вужудга келганидан буён Марказий сайлов комиссияси томонидан хорижий давлатларда сайловларни ўтказиш даврида қўлланилган халқаро тажрибани ўрганиш ва мақбул жиҳатларини миллий сайлов жараёнларига жорий этиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Комиссиямиз аъзолари ва экспертлари иштирокида қатор халқаро онлайн конференциялар ва семинарлар уюштирилиб, пандемия шароитида сайлов ўтказиш борасидаги халқаро тажриба батафсил муҳокама қилинди.
Ўнга яқин хорижий давлатда ўтган сайловларда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этган экспертларимиз муаммонинг ечимларини бевосита ўргандилар.
Ҳозир мамлакатимизда сайлов ташкилотчилари ва сайловчиларнинг соғлигини коронавирус хавфидан ишончли ҳимоя қилган ҳолда сайлов ўтказиш имкониятлари мавжуд. Энг муҳими, аҳолини ялпи эмлаш ишлари кўлами тобора кенгаймоқда. Сайлов ташкилотчилари ҳам биринчилар қаторида эмланаётир.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда пандемия шароитида сайлов ўтказишнинг асосий механизмлари ва тартиблари келишиб олинди. Жумладан, Марказий сайлов комиссиясининг Пандемия шароитида Президент сайловини ўтказиш бўйича алоҳида йўриқномаси ишлаб чиқилмоқда.
Пандемия шароитида сайлов комиссиялари аъзолари ва сайловчиларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун шахсий ҳимоя воситалари ҳамда дезинфексияловчи воситалар сотиб олиш учун тегишли тартибда маблағлар ажратилади.
Тенг ва кенг имкониятлар
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳуқуқий-ташкилий асослари ва самарали механизмлари тўла шакллантирилган.
Ўзбекистон Республикаси Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ратификация қилди. “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун жорий йилнинг 15 январидан кучга кирди.
Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашга доир масалалар доимий эътиборда.
Марказий сайлов комиссияси билан Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти ва Ўзбекистон Карлар жамияти ўртасида шу йил май ойида имзоланган келишувлар шундай мақсадга хизмат қилади.  Ҳужжатларда ногиронлиги бўлган фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, сайловда тенг имкониятлар яратиш бўйича ҳамкорликда иш олиб бориш бўйича вазифалар белгиланди. Жумладан, имконияти чекланган сайловчиларнинг, заруратга қараб, яшаш жойида овоз бериши ташкил этилади. Сайлов кампаниясига оид теледастурларда имо-ишора тили ва субтитрлардан фойдаланиш йўлга қўйилади.
Ҳуқуқий ва услубий такомил
Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси, Бюджет кодекси, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича харажатлар сметаси тасдиқланди.
Биринчи бор сайлов сметаси сайловдан тўрт ой олдин тасдиқланди ва эълон қилинди. Бу сайлов билан боғлиқ харидларни белгиланган тартибда ва муддатларда амалга ошириш имконини беради. Тасдиқанган сметага асосан сайловга тайёргарлик кўриш тадбирларини молиялаштириш ишлари бошланди.
Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалардан ҳамда аввалги сайловларда халқаро кузатувчилар томонидан берилган тавсиялардан келиб чиқиб, Марказий сайлов комиссиясининг амалдаги айрим низом ва йўриқномаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Янгилари тасдиқланди.
Замонавий технологиялар шарофати
Комиссиямиз томонидан шу йил 27 апрелда тасдиқланган Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепциясига кўра барча даражадаги сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларнинг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган ишлар кўп босқичли замонавий “каскад” технологияси асосида ташкил этилмоқда.
Бу йилги Президент сайловида 14 сайлов округи ва 10 минг 776 сайлов участкаси тузилиши режалаштирилган. Шу вақтгача 56 нафар республика ва 824 нафар худудий тренерлар гуруҳи шакллантирилди. Ҳозиргача ушбу тренерлар томонидан 33 мингга яқин сайлов комиссиялари раиси, раис ўринбосари ва котибликка номзодларнинг билим ва малакаси оширилди.
Сайловни ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича семинар-тренингларда жами 130 минг нафарга яқин сайлов комиссиялари аъзолари ўз билими ва кўникмаларини мустаҳкамлайди. Семинарларда замонавий интерфаол усуллар – видеодарслар, видео-қўлланмалар ва инфографик материаллардан самарали фойдаланилмоқда. Машғулотларни сайлов қонунчилиги бўйича етакчи экспертларнинг иштирок этаётгани бунда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, Давлат бошқаруви академияси ва Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликда сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича ўқув-амалий қўлланмаси ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида жами қарийб 34 минг  нусхада нашр этилди ва ҳудудларга етказилди. Сайлов иштирокчилари учун бир қатор услубий қўлланмалар ва эслатмалар тайёрланди.
“Сайловчилар рўйхатида бормисиз?”
Миллий сайлов тизимига Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати 2019 йили парламентга ва маҳаллий кенгашларга ўтган сайловларда бутун мамлакатимиз бўйлаб муваффақиятли жорий этилди.
Мазкур тизимнинг қонунчилик даражасида – Сайлов кодексига биноан тартибга солиниши сайловчининг ягона рўйхатга киритилишини ва "бир сайловчи — бир овоз" тамойили амалга оширилишини кафолатлайди.
Эндиликда у аввалги сайловларда ортирилган тажрибадан келиб чиқиб, замон талаблари даражасида янада такомиллаштирилмоқда.
Ҳозиргача қарийб 21 миллион нафар сайловчи ягона электрон рўйхатга киритилди. Марказий сайлов комиссияси сайтида "Сайловчилар рўйхатида бормисиз?" хизмати ишга туширилди.
Участка сайлов комиссиялари аъзоларини Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати билан ишлашга ўргатиш бўйича махсус ўқув режа ва дастур ишлаб чиқилди. Яқин кунларда 30 нафар республика ва 797 нафар ҳудудий тренер томонидан 33 минга яқин ахборот тизими операторини босқичма-босқич тайёрлаш жараёнлари бошланади.
Рақамлар замиридаги ишонч
Мамлакатимиз фуқароларининг тафаккурида содир бўлган улкан ўзгаришлар натижасида сайловчиларнинг талаблари ва ислоҳотларга даҳлдорлик туйғуси ҳам ошиб бормоқда. Улар нафақат сиёсий партиялар, шунингдек сайлов комиссиялари олдига ҳам қатъий талабларни илгари сурмоқда.
Бундай ижобий ўзгаришлар  сайловчиларнинг сайлов жараёнларига қизиқиши ошиб, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси юксалиб бораётганидан далолатдир.
Яқинда “Ижтимоий фикр” нодавлат жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўровлар натижаси буни яққол кўрсатди. Сўровда иштирок этганларнинг 90 фоизга яқини “2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтишини биласизми?” деган саволга ижобий жавоб берди.
Бу рақамлар нимани англатади?
Аввало, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва маданияти муттасил ўсиб бораётганининг;
иккинчидан, сиёсий партияларнинг сайловолди платформалари амалда ранг-баранглик касб этиб, жамият ва давлат ҳаётидаги муҳим муаммоларни ечишга йўналтирилаётганининг;
учинчидан, мамлакатимизда очиқлик, ошкоралик, адолат ва тенглик тамойилларини таъминлашга амалда доимий эътибор қаратилаётганининг тасдиғидир.
 
Вазифалар аниқ
Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида сайлов қонунчилигида мустаҳкамлаб қўйилган нормаларнинг ўз муддатида ва самарали ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича календарь режаси тасдиқланди.
Етти йўналиш ва 51 банддан иборат календарь режада Марказий сайлов комиссияси томонидан тегишли давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда қадам бақадам ва кун бакун амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгиланди.
Сайлов округлари ва участкаларини ҳамда округ ва участка сайлов комиссияларини тузиш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини юритиш, сайлов кампаниясини молиялаштириш, сиёсий партияларнинг, президентликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакилларининг сайловдаги иштирокини таъминлаш, сайловолди ташвиқоти ва сайлов жараёнларини ёритиш, кузатувчиларнинг сайловдаги иштирокини таъминлаш, овоз беришни ўтказиш ва сайлов натижаларини аниқлаш шулар жумласидандир.
Даҳлдорлик туйғуси
Сайловга тайёргарлик кўришдаги энг муҳим вазифалардан бири – фуқароларга сайлов тўғрисида тўла, ишончли ва тезкор ахборотни етказиш, аҳолида сайлов оддий, шу билан бирга, муҳим фуқаролик бурчи эканлиги ҳақидаги фикрни шакллантириш, бефарқлик кайфиятидаги шахсларни сайлов ҳуқуқини фаол амалга оширишга чорлаш, уларга сайлов жараёнларида иштирок этишдан ҳар бир фуқаро ва жамият манфаатдор эканлигини сингдириш ҳамда мамлакат таррақиётига даҳлдорлик ҳиссини уйғотишдан иборат.
Бу вазифани бажаришда яқинда Олий Мажлис палатлари томонидан қабул қилинган Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш бўйича миллий ҳаракатлар дастурининг ижроси катта аҳамият касб этади.
Марказий сайлов комиссияси ва барча даражадаги сайлов комиссиялари Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ўз ишини қонунийлик, мустақиллик, холислик, очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойилларига тўла амал қилган ҳолда ташкил этади.
Шу мақсадда Марказий сайлов комиссияси билан мамлакатимиздаги етакчи оммавий ахборот воситалари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясини ёритиш бўйича ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Меморандумларда белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида барча даражадаги сайлов комиссияларининг фаолиятини изчил ёритиб бориш, сиёсий партиялар ва номзодлар учун уларнинг сайловолди дастурлари қоидалари, мамлакатимиз сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим масалаларига оид мустақил нуқтаи назарларини сайловчиларга, кенг жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситаларида тенг ҳажмда эфир вақти ва нашр майдони ажратиш йўли билан кенг ва тенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилади.
Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Президент сайловининг аҳамияти, ўзига хос жиҳатлари, Сайлов кодекси, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини сайловчиларга ва сайлов ташкилотчиларига етказиш борасида кенг кўламли ва изчил ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда.
Ўтган олти ой мобайнида мамлакатимиздаги ва хориждаги оммавий ахборот воситалари, Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ушбу мавзуларда юзлаб мақолалар, суҳбатлар, интервьюлар, видеороликлар эълон қилинди.
Сайловчилар ва сайлов ташкилотчилари билан кўплаб бевосита мулоқотлар уюштирилди. Сайловга бағишланган бундай тадбирлар миллионлаб фуқароларни қамраб олди.
Яна бир муҳим янгилик
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳузурида Матбуот маркази ўз фаолиятини бошлади.
Бунга сайлов кампанияси бошланган куни миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг юзлаб вакиллари, блогерлар гувоҳ бўлди. Яқин кунларда Матбуот марказининг ҳудудий бўлинмалари ҳам ишга киришади.
Матбуот марказида юқори малкали журналистлар, ҳуқуқшунослар, таржимонлар, экспертлар ва бошқа мутахассислардан иборат ихтисослашган гуруҳлар фаолият олиб боради.
Марказий сайлов комиссиясининг Тошкентдаги Симпозиумлар саройида иш бошлаган Матбуот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан жиҳозланди.
Уларда журналистларга ва жамоатчиликка Президент сайловига оид масалалар бўйича тезкор ахборот етказиш мақсадида матбуот анжуманлари, брифинглар, учрашувлар ва бошқа тадбирлар ташкил этилади. Матбуот маркази Марказий сайлов комиссиясининг “Saylov2021” веб-портали ҳамда бошқа ахборот ресурсларининг юритилишини таъминлайди.
Шунингдек, сайлов комиссиялари аъзолари ва сайловчилар тезкорлик билан фойдаланиши учун “Saylov2021” мобил илованинг тақдимоти ўтказилди. Илова сайловга оид зарур маълумотлар билан мунтазам тўлдириб борилади.
Юксак эътироф ва кўламли кузатув
Сайловни очиқ ва ошкора, демократик ўтказишда халқаро ташкилотлар ва хорижий кузатувчилар миссияларининг иштироки муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистонда сўнгги йилларда ўтган сайловларда хорижий ва халқаро кузатувчилар сони муттасил ошиб бормоқда.
Сайлов кампанияси даврида барча сиёсий партиялар ва улар кўрсатган номзодлар учун соғлом рақобат муҳити ва тенг шароит яратилади. Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ишларни, жумладан, сайловчиларнинг овоз бериш жараёнини сиёсий партияларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг минглаб вакиллари ва юзлаб  халқаро кузатувчилар, журналистлар, жумладан хорижлик журналистлар, бевосита кузатиб боради.    
Хусусан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Эҳтиёжларни баҳолаш бўйича миссияси шу йил май ойида мамлакатимизга ташриф буюриб, Ўзбекистондаги сайловолди муҳити ва Президент сайловига тайёргарлик жараёнини, мамлакатимизда эркин ва демократик сайлов ўтказилишини таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларни ижобий баҳолади. Президент сайловига тўлақонли кузатув миссиясини юбориш фикрини билдирди.
Президент сайловини Бюронинг уч юзга яқин, жумладан, 28 нафар узоқ муддатли ва 250 нафар қисқа муддатли кузатувчилари кузатиб бориши кутилмоқда.
Ушбу жозибали рақамлар жаҳон ҳамжамиятининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларга қизиқиши тобора ортиб бораётгани, юртимизда мустаҳкам қарор топган тинчлик ва осойишталик,   инсон манфаатларини таъминлашга қаратилаётган доимий эътибор билан боғлиқ. Мамлакатимизни модернизация қилиш ва демократлаштириш жараёнлари ортга қайтмас жараён касб этиб, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида очиқлик ва ошкоралик таъминланиши йўлга қўйилди.
Марказий сайлов комиссияси ва барча даражадаги сайлов комиссиялари тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлари, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда шу йил 24 октябрь куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президент сайловини миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро тамойилларга таяниб, юксак демократик савияда, уюшқоқлик билан ўтказиш учун барча зарур чора-тадбирларни амалга оширади.
 

 
Бўлим мақолалари
30.03.2021 Сайлов бўйича шарҳ
“Элдик медия” сўровномасида нега “Улуттар биримдиги” рейтинги баланд?!
13.03.2020
29.09.2017 Бошсиз чавандоз Ўн Адирда
Телба ким? У шундай одамки қиладиган ишларида ҳато йўқдек гўё, бироқ у қайси жойда, қандай ўзини тутишни билмайди. У таъзияга келиб, ҳазил-мутоиба қилиши, тўйларда эса йиғлаб юбориши мумкин. Албатта бундай одамни ақлли деб бўлмайди. Мундоқ ўйлаб қарасанг туппа тузик одам ҳам йиғлаши ва кулиши мумкин. Лекин барча ишнинг ўрни ва вақти бўлади.