27.03.2026 19:10 99
2026 йил 27 март куни Тошкентдаги Фотосуратчилар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, иқтидорли рассом Маъсудбек Ҳоловнинг «Alp Turon izidan» номли шахсий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Кўргазманинг очилишида Нурали Қобил, Тўлқин Ҳайит каби улуғ ёзувчилар, Баҳром Ирзаев каби етук олимлар, академик Алишер Аликулов бошчилигидаги рассомлар гуруҳи, Бобуршоҳ образини экранда яратган Муҳаммадали Абдуқундузов каби таниқли актёрлар, Дилдора Хасанова каби таниқли журналистлар, блогерлар, хизмат кўрсатган маданият ҳодимлари, мураббийлар ва уларнинг талабалари ҳамда Муродилжон Солиев каби яқин ҳорижлик ватандош рассомлар қатнашдилар.
Кўргазмада рассомнинг рангтасвир асарлари, эскиз ва қораламалари, шунингдек болалик даврида яратган дастлабки ишлари намойиш этилмоқда.
Кўргазма номи туркий анъаналарига ишора қилади: «alp» — қаҳрамон, «Turon» эса Марказий Осиёнинг маданий ва тарихий маконини англатади. Бу образ орқали рассом тарихий онг, ўзликни англаш ва мерос тушунчаларини бадиий ифодалайди.
Маъсудбек Ҳоловнинг ижоди асрлар давомида маданий анъаналар шаклланган, халқлар тақдири кесишган, буюк шахслар дунёга келган Турон ва Туркистон тарихига бағишланган. Она юрт ўтмишига бўлган қизиқиш ва унинг улуғворлигини ифода эта оладиган бадиий воситаларни излаш мусаввирнинг ёшлигидан то ҳозирги кунгача бўлган ижодий йўлини белгилаб берди. У болалигидаёқ миллий қаҳрамонлар тасвирларини чизишни бошлаган, айниқса буюк аждодимиз, Соҳибқирон Амир Темур сиёмосига кўп мурожаат қилган ва бу мавзу унинг ижодида асосий ўринни эгаллаб келмоқда.
Рассом тарихий материал билан ишлашда ёзма манбалар, илмий тадқиқотлар, миниатюралар ва тасвирий маданият ёдгорликларидан фойдаланади. Бу унга қаҳрамонларнинг нафақат ташқи қиёфасини, балки ички дунёси ва характерини ҳам ифодалаш имконини беради.
Кўргазмада Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мирзо Улуғбек каби буюк сиёмолар портретлари алоҳида ўрин тутади. Муаллиф уларнинг образларини қайта талқин этиб, тарихий ҳаққонийликни бадиий ечим билан уйғунлаштиради. Асар қаҳрамонлари куч-қудрат, шаън ва инсон руҳиятининг тимсоли сифатида намоён бўлади.
Образлар галереяси фақат эркак қиёфалари билан чекланмайди — унда аёл образлари ҳам мавжуд. Рассом бу сиймоларга мурожаат қилиш орқали аёлларнинг қадр-қиммати ва тарихий аҳамияти мавзусини очиб беради, қаҳрамонлик ҳақидаги анъанавий тушунчани кенгайтиради.
Маъсудбек Ҳолов рангтасвир техникасини мукаммал эгаллаган ҳолда яхлит ва ифодали асарлар яратади. Уларда тарихий образ иллюстративлик доирасидан чиқиб, мураккаб тасвирий тафаккур тизимига айланади. Портретнинг академик аниқлиги кўп қатламли рамзий муҳит билан ҳамоҳанглик касб этиб, нақш, меъморий унсурлар ва қаҳрамон қиёфаси ўзаро боғланган ягона бадиий-семантик маконни ҳосил қилади. Кўргазмада тарихий меъморий мажмуаларни тиклашга бағишланган асарлар ҳам ўрин олган.
Кўргазма томошабинни шахс, вақт ва маданий хотира ҳақида мулоҳаза юритишга чорлайди. Маъсудбек Ҳолов учун ўтмиш — битмас-туганмас илҳом манбаи ва бадиий тафаккурни шакллантирувчи муҳим омилдир.
Бўлим мақолалари